Header poster
Дунё 06.12.2021

Гурбангули Бердимуҳамедов саноат, қурилиш ва энергетика масалалари бўйича бош вазир ўринбосарига қаттиқ танбеҳ берди

Туркманистонда 3 декабрь куни президент Гурбангули Бердимуҳамедов раислигида ҳукумат аъзоларининг жорий йилдаги 11 ойлик фаолияти якунларига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақида "Хроника Туркменистана"га таяниб Daryo хабар берди.

Қурилиш, саноат ва энергетика комплекслари бўйича бош вазир ўринбосари Чоримурат Пурчеков "Turkmenhimiya" (Туркманкимё) давлат концерни ва Ашхобод маъмуриятининг (Пурчеков пойтахтга масъул – "ХТ") иши ҳақида ҳисобот берди.

Пурчеков соҳа ютуқлари ҳақида ҳам гапирди, унга кўра, ишлаб чиқариш ва қурилиш бўйича режа ортиғи билан бажарилган, белгиланганидан ортиқ электр энергияси ишлаб чиқарилган ва экспорт қилинган, Ашхобод шаҳар ҳокимлиги бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар бўйича ўз мажбуриятларини ортиғи билан бажарган.

Бироқ Туркманистон раҳбари Пурчековнинг фаолиятидан норози эканини билдирди. Бердимуҳамедовнинг таъкидлашича, объектлар қурилиши жуда суст кечмоқда, келгуси йил учун қурилиш лойиҳаларини кўпайтириш режалаштирилганди.

Шу муносабат билан бош вазир ўринбосарига қурилиш соҳасида зудлик билан ислоҳотларни амалга ошириш, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш, ишлаб чиқаришга рақамли тизимларни жорий этиш, шунингдек, энг янги асбоб-ускуналар ва инновацион технологиялар билан жиҳозланган юқори самарали қурилиш-технологик компаниялар ва фирмаларни ташкил эта оладиган тадбиркорлар билан ишлаш топширилди.

Бундан ташқари, Бердимуҳамедов бош вазир ўринбосарига "мавжуд қийинчиликларга қарамай" мамлакат ичида энергия ҳалқасини яратиш ва Туркманистон—Афғонистон—Покистон (ТАП) электр узатиш линиясини қуриш бўйича ишларни давом эттиришни буюрди. Туркманистон давлат ахборот агентлиги айнан қандай қийинчиликлар ҳақида гап кетаётганига аниқлик киритмаган. Бердимуҳамедов ТАП линиялари ўтадиган қўшни Афғонистондаги оғир вазиятга ишора қилган бўлиши мумкин, деб ёзади Хроника Туркменистана.

Бердимуҳамедов Пурчековнинг асосий вазифаси қурилишга сармоя қилувчиларни фаол қидириш деб атаган.

Хабарга кўра, маъруза якунида Туркманистон президенти бош вазир ўринбосарига "хизмат вазифаларини зарур даражада бажармагани, ишда йўл қўйган камчиликлари учун" қаттиқ танбеҳ берган.

"Сатира" нинг Telegram каналига обуна бўлинг.

Кўпроқ янгиликлар