Header poster
Сиёсат 14.12.2021

Нурафшонда Зулфия Зокирова ҳайкали ва кутубхона қуриш лойиҳаси бекор қилинмаган

Тошкент вилоят ҳокимлиги Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуаси қуриш ҳамда Nurafshon Business City ҳудудида замонавий кутубхона биноси қурилиши бекор қилинмагани, фақат кечиктирилганини маълум қилди. Бу ҳақида kun.uz хабар берди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуасини қуриш ва атрофини ободонлаштириш ҳамда Nurafshon Business City ҳудудида замонавий кутубхона биноси қурилиши назарда тутилган фармойиши бекор қилиниши тўғрисидаги хабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан жорий молия йилини самарали якунлаш мақсадида ҳамда йил якунига қадар амалга оширилиши зарур бўлган муҳим тадбирлар кўламини инобатга олиб, 2021 йил давомида Тошкент вилояти маҳаллий бюджети даромадларининг қўшимча маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ишлар учун ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилиши таҳлил қилинди.

Унга кўра, жорий йил якунига қадар Тошкент вилояти ҳокимининг 2021 йил 23 апрелдаги 144-ф-сон фармойишига асосан камералар учун, 2021 йил 30 апрелдаги 157-ф-сон фармойишига асосан кичик саноат зонасида ичимлик ва оқова сув тармоқларини улаш учун ҳамда Тошкент вилояти ҳокимининг 2021 йил 3 ноябрдаги "Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуаси ва замонавий кутубхона биносини қуриш тўғрисида"ги фармойишига асосан ажратилган маблағларни белгиланган тадбирлар бўйича ҳисоб-китоблар ва лойиҳалаштириш ишлари якунига етмаганлиги сабабли ўзлаштириш имкони мавжуд эмаслиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексига асосан молиявий мажбуриятларни рўйхатдан ўтказиш жорий молия йили доирасида амалга оширилиши белгиланганлигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши билан келишилган ҳолда юқоридаги тадбирларга ажратилган маблағлар қисман чегирилди.

Шунингдек, вилоятда "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурлари доирасида пудрат ташкилотлари томонидан бажарилган ишлар ҳажмига нисбатан қарздорликлар шаклланган бўлиб, чегирилган маблағлар вилоятда олиб борилаётган ва молиялаштирилиши зарур бўлган бошқа мақсадлар ҳамда кредитор қарздорликларни бартараф қилишга йўналтирилиши белгилаб олинди.

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, Нурафшон шаҳрида Зулфия Зокирова номига ҳайкал мажмуаси ва замонавий кутубхона биносини қуриш бўйича фармойиш бекор қилинмаган, аксинча, жорий йил молия йили давомида ажратилган маблағларнинг ишлатилмаган қисмидан самарали фойдаланиш ва бошқа қарздорликларни бартараф этиш учун чегириб олинган.

Ушбу объектга келгусида аниқ ҳисоб-китобларга асосан маблағ ажратилиши кўзда тутилади, дейилади муносабатда.

"Сатира" нинг Telegram каналига обуна бўлинг.

Кўпроқ янгиликлар