Header poster
Сиёсат 06.12.2021

Ўзбекистонда мансабдорлар сўнгги 4 йилда давлат ва жамият манфаатларига 3,5 трлн зарар етказган

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 3 декабрь куни "Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарлик муқаррарлигини таъминлашга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди.  

Маълум қилинишича, мансабдор шахсларнинг жиноятлари оқибатида давлат ва жамият манфаатларига 2018 йилда 556 миллиард сўм, 2019 йилда 1,858 триллион сўм, 2020 йилда 500,1 миллиард сўм, 2021 йилнинг 9 ойида 658 миллиард сўм моддий зарар етказилган. Мазкур қонун лойиҳаси билан мансабдор шахсларга нисбатан чоралар кучайтирилмоқда.

Жумладан, "Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш", "Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш", "Ҳокимият ҳаракатсизлиги", "Мансаб сохтакорлиги" ва "Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги" жиноятлар агар "ғаразгўйлик" ниятида содир этилса, коррупциявий жиноят ҳисобланиши белгиланиб, мазкур ҳаракатлар учун оғирроқ жазолар белгиланган.

Шунингдек, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан фирибгарлик қилиш, солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бош тортиш учун ҳукм қилинган, бироқ етказилган зарарни тўлиқ қопламаган шахсларга ва порахўрлик билан боғлиқ жиноятни содир этган шахсларга нисбатан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштириш татбиқ қилинмаслиги назарда тутилган.

"Сатира" нинг Telegram каналига обуна бўлинг.

Кўпроқ янгиликлар