Header poster
Сиёсат 02.12.2021

Ўзбекистон халқ таълими тизимида 11 ойда 27,5 млрд сўмлик ўғирлик ва камомад аниқланди

Маълум қилинишича, Халқ таълими вазирлигида Антикоррупцион ҳафталик доирасида "Очиқ эшиклар куни" ташкил этилган. Тадбирда халқ таълими вазири ўринбосари Темур Комилов халқ таълими тизимида коррупцияга оид қонунбузарлик ҳолатларини олдини олиш ва бартараф этиш йўналишида вазирлик томонидан амалга оширилаётган ташкилий ва амалий ишлар ҳақида сўз юритган.

Қайд этилишича, йил бошидан бери вазирлик томонидан ўтказилган назорат тадбирлари натижасида жами 88 миллиард сўмлик молиявий хато-камчиликлар, шундан 27,5 миллиард сўмлик ўғирлик ва камомад аниқланган. Шунингдек, тадбир давомида тизимдаги энг кўп талон-тарожлик, бюджет маблағларини ўзлаштириш ҳолатлари аниқланган ҳудудлар ҳақида маълумот берилган.

Таъкидланишича, Андижон шаҳрида 11,5 миллиард сўм, Сирдарё вилоятининг Боёвут туманида 11 миллиард сўм ҳамда ушбу вилоятнинг Гулистон шаҳрида 4 миллиард сўм миқдорда бюджет маблағлари ўзлаштириб юборилган. Шунингдек, таркибида жиноят аломатлари бўлган 159 та 72,9 миллиард сўмлик ўрганиш материаллари ҳуқуқий баҳо бериш ва қонуний чоралар кўриш мақсадида ҳуқуқ-тартибот органларига тақдим этилган.

"Сатира" нинг Telegram каналига обуна бўлинг.

Кўпроқ янгиликлар