Header poster

Тошкентда йўлкира нархи Нью-Йоркка қараганда 2 баробар қимматроқ — Ботир Қобилов

AARC халқаро консалтинг компанияси "Тошшаҳартрансхизмат" бўйича ҳисоботида Тошкентдаги йўлкира нархлари Нью-Йоркдагидан 20 баробар арзонроқ экани ҳақидаги маълумотни эълон қилди. Иқтисодчи Ботир Қобилов эса Тошкентдаги йўлкира нархи Нью-Йоркдагидан баробар қимматроқ эканини ҳисоблаб берди.

23 ноябрь куни AARC халқаро консалтинг компанияси томонидан "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ фаолиятини трасформациялаш бўйича ҳисоботи эълон қилинди.

Унга кўра, ҳозирги кунда Тошкентда йўлкира нархи 1400 сўмни (тахминан 0,13 АҚШ доллари) ташкил этиб, дунёда шаҳар йўловчилар транспортидаги энг арзон тариф нархларидан бири ҳисобланиши айтилди. Шунингдек, Тошкентда ўрнатилган йўлкира хақи Нью-Йорк шаҳридан 20 баробар камроқ эканлиги тўғрисида маълум қилинди.

Қайд этилишича, "Тошшаҳартрансхизмат" компанияси ўз-ўзини таъминламаганлиги, даромад ва ҳаражатлар ўртасидаги фарқ COVID-19 инфекцияси таъсирисиз ҳам анча ортганини кузатиш мумкин. Ҳорижий консультантлар бунинг асосий сабаби сифатида саёҳат нархи фақат бир марта 2019 йилда 1200 сўмдан 1400 сўмга (4 фоизга) ўзгаргани, ҳаражатлар эса 15 фоизга ошгани туфайли деб баҳолашмоқда.

Иқтисодчи Ботир Қобилов ўзининг "Заметки Экономиста" Telegram-каналида ушбу таҳлилга ўз муносабатини билдирган.

"Нархнинг 4% ошиши, тушумнинг 4% ошганини билдирмайди, лекин фараз қилайлик бу логика тўғри, яъни ҳаражатлар 15%га ва тушум 4% ошган. Аммо, гап шундаки, нарх 1200 сўмдан 1400 сўмга ошиши нархнинг 4%га эмас, балки 16.67%га ошганини билдиради. Калькуляторда сиз ҳам текшириб кўринг, балки мен адашаётгандирман? Демак, шунда юқоридаги логиканинг тескариси тўғри бўлиб чиқяптими (16.67% > 15%)? Балки матбуот хизмати ушбу матнда 4% деб ёзиб хато қилган бўлишлари мумкин ёки, энг қўрқинчлиси, консультантларнинг ўзи 1200 сўмдан 1400 сўмга ўзгаришни 4% деб ҳисоблаб беришганми?" — деган саволни ўртага ташлади Ботир Қобилов.

Шунингдек, у Нью-Йоркда бир марталик йўлкира нархи $2.25 экан, яъни ўртадаги фарқ 20 эмас, 17,3 баробар кўпроқ эканини таъкидлади. Ботир Қобиловнинг фикрича, юқоридаги расмларда фақтгина номинал рақамлар кўрсатилган.

Осло, Нью-Йорк ва Тошкентни солиштириш учун умумий махражга келтириш керак эмасми? Масалан, аҳоли даромадларидаги фарқ инобатга олиниши керак эмасми? Агар Тошкент ва Ню-Йоркдаги жамоат транспорти фойдаланувчилари бир ойлик ўртача ойлигининг неча фоизи жамоат транспортида бир ой ҳаракатланиш абонементига сарфланади, деб таққосланса, бироз мантиқий солиштирув бўлар эди, дея таъкидлади иқтисодчи.

Унинг қайд этишича, Нью-Йоркда бир ойлик жамоат транспорт абонементи 127 доллар туради. Нью-Йоркдаги бир кишининг ўртача ойлиги эса тахминан 3333 долларни ташкил қилади. Нью-Йоркда бир киши ўз даромадининг 3,8 фоизини йўлкирага ишлатади. Тошкентда бир ойлик жамоат транспорти абонементи 166 минг сўм туради, яъни бугунги курс бўйича 15,4 доллар. Тошкентда жамоат транспортида юрадиган аҳолининг ўртача ойлигини 200 доллар деб фараз қилган ҳолда бир киши ўз даромадининг 7,7 фоизини йўлкирага ишлатади. Юқоридаги таҳлилдан Тошкентда йўлкира нархи Нью-Йоркдагига қараганда 2 баробарга қимматроқ экани келиб чиқади.

"Шунинг учун, менимча, нафақат бу, балки шунга ўхшаш ҳисоботларнинг тўлиқ матни жамоатчиликка эълон қилиниши керак, шунда юқоридаги саволларга жавоб топилиши мумкин, биз бекорга ҳавотир олаётган бўлишимиз мумкин", — дея қайд этди Ботир Қобилов

"Сатира" нинг Telegram каналига обуна бўлинг.

Кўпроқ янгиликлар